Location via proxy:   [ UP ]  
[Report a bug]   [Manage cookies]                
Jump to content

Абу Ҳафс Кабир

From Vikipediya
Абу Ҳафс Кабир
Расмий исми Аҳмад ибн Ҳафс ибн Забурқон ибн Абдуллоҳ ибн Бухорий
Шахсий маълумотлар
Таваллуди 767-йил
Вафоти 832-йил
Дини ислом
Бошқа номлари Абу Ҳафс Кабир

Аҳмад ибн Ҳафс ибн Забурқон ибн Абдуллоҳ ибн Бухорий (Абу Ҳафс Кабир“ куняси билан танилган[1]; 767-йил, Бухоро — 832-йил) — ислом оламининг фиқҳшунос олими. Имом Бухорий билан замондош.

Ҳаёти

[edit | edit source]

Бухоронинг Фагсодара маҳалласида туғилган. 804-йил ўз ватанида эгаллаши мумкин бўлган барча илмларни чуқур ўзлаштиргач, Бағдод томон йўл олади. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга шогирд тушган. Имом Муҳаммаддан ҳанафийлик мазҳаби фиқҳини ўрганиб, яна ўз ватанига қайтади. Шу сабаб, у ҳанафийлик таълимотини Мовароуннаҳрга биринчи бўлиб олиб келган шахс сифатида таниқлидир.

Ўғли Абу Абдуллоҳ ҳам ислом оламида таниқли. Уни отаси билан янглиштирмаслик мақсадида уламолар отасини Абу Ҳафси Кабир, ўғлини Абу Ҳафси Сағир деб атаганлар. Ислом оламининг ислом қонуншунослиги асосларини яратган йирик олим бўлган.

Наршахийнинг ёзишича, унинг шарофати билан Бухоро „Қуббат ул-ислом“ — „Ислом динининг гумбази“ унвонини олган. Абу Ҳафси Кабир фиқҳнинг турли масалалари ёритилган „Ал-Аҳвў-вал-ихтилоф“ („Ҳавойи гаплар ва келишмовчиликлар“), „Ар-радду алал-Лаф-зийя“ („Юзаки қаровчиларга раддия“) китобларининг муаллифидир.

Абу Ҳафснинг ўзига „Кабир Бухорий“ — „Бухорийларнинг каттаси“ ва „Ҳожатбарор имом“ деган унвонлар берилган, ўғли Абу Абдуллоҳ (Абу Ҳафс Сағир Бухорий; 877-йил) ҳам отаси сингари фиқҳ илмида пешқадам бўлган.

Ривоят қилинишича, Абу Ҳафс Кабир Бухорода ҳанафий мазҳабига асосланган биринчи мадрасани қурдирган. Абу Ҳафс Кабир мадрасаси ҳозирда сақланиб қолмаган.

Имом Шофеъий Абу Ҳафсни „Одамлар фиқҳда у зотнинг боқимандаларидир“ дея таърифлаган. Бухоронинг аксарият олимлари Абу Ҳафсдан илм олишган.

Асарларда фойдаланиш

[edit | edit source]

Абу Ҳафснинг асаридан олинган иқтибослар ва унинг берган фатволари кейинги давр уламоларининг фиқҳга доир асарларида кенг фойдаланилган. Хусусан, унинг фикрлари Мас’уд ибн Маҳмуд ибн Юсуф Самарқандийнинг „Салоти Мас’удий“, Алоуддин Бухорийнинг „Ҳайратул- фуқаҳо“, Абу Бакр ибн Мас’уд Косонийнинг „Бадойи’ус- санойи’ фи тартиби-ш- шарои’“, Бурҳониддин Маҳмуднинг „Муҳиту-л- Бурҳоний“, Аврангзебнинг буйруғи билан Шайх Низомиддин Балхий бошчилигида 23 нафар фақиҳ томонидан ёзилган „Фатовойи Оламгирий“ каби асарларда ёзилган.

Айрим асарларда Абу Ҳафс Кабир ҳақида алоҳида боблар ажратилган. Мисол учун, Сўфи Оллоёрнинг „Маслакул-муттақин“ асарида „Баёноти Абу Ҳафс Кабир“, „Ҳикояти Хожа Абу Ҳафс Кабир Бухорий“ сарлавҳалари билан 2 боб ажратилган[2].

Шогиртлари

[edit | edit source]

Абу Ҳафснинг ўнлаб шогирдлари бўлган. Жумладан Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадакорий Бухоронинг Бадакор қишлоғидан бўлган. Бошқа шогиртлари: Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил Хуноматий, Абул Ҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Муҳаммад ибн Абдулло Абу Заҳҳок Фазл ибн Ҳассон Сутиканий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизгукий, Абу Усмон Саид ибн Сулаймон Шаргий. Сулаймон шаргийнинг отаси Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шаргий ҳам Абу Ҳафсдан таълим олган[1].

Вафоти

[edit | edit source]

Абу Ҳафси Кабир Бухородаги Дарвозаи нав қаршисидаги тепаликда дафн этилган. Бухороликлар у жойни муқаддас санаб, „Ҳақраҳ“ („Ҳақ йўл“) ва Хожа Имом Абу Ҳафс деб атаганлар. Мустабид совет тузуми даврида унинг қабри ва атрофидаги меъморий ёдгорликлар бузиб ташланган[3].

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Манбалар

[edit | edit source]
  1. 1,0 1,1 „Имом Абу Хафс Кабир Бухорий“ (2014-йил 13-декабр). 2023-йил 15-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 15-июл.
  2. „ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИНИНГ ЙУРТИМИЗДА ТАРҚАЛИСҲИГА САБАБCҲИ БЎЛГАН ОЛИМ АБУ ҲАФС КАБИР АЛ-БУХОРИЙ (767-832)“ (2023-йил 12-январ). Қаралди: 2023-йил 15-июл.
  3. ЎзМЕ. Ҳусниддинов З., Иброҳимов Н. 16-бет. -Т: "Давлат илмий нашриёти", 2004.

Ҳаволалар

[edit | edit source]