Мавзу
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Мавзу (араб. — жойлаштирилган, қўйилган), тема — 1) муҳокама, маъруза, суҳбат, дарс, илмий асар ва бошқа нинг асосий мазмуни; 2) адабиёт ва санъатда — ижодкор томонидан танланиб, унинг ғоясини акс эттирадиган бадиий тасвир объекти, ҳаётий материал доираси. Бадиий адабиётда (роман, қисса, достон, драма, шеър ва бошқалар), тасвирий санъат, меъморлик (расм, ҳайкал, гравюра, нақш ва бошқалар), йирик мусиқа асарлари (опера, мусиқали драма, симфония ва бошқалар)да ижтимоий масалалар, тарихий воқеалар, кишиларнинг муайян интилишлари, орзулари ва ҳоказо. М. бўлиши мумкин. М. ғоя билан узвий боғлиқ. Асарнинг жанри, сюжети ва услуби М. ва ғояга қараб танланади. М. танлашда, айниқса, унинг талқинида муаллифнинг ғоявий мавқеи катта рол ўйнайди. Асарнинг конкрет мазмунида бош М. яна майда М.ларга бўлинади ва буларнинг ҳар бири ғоявий мазмуннинг бирор томонини ифодалайди. Бир М. бир неча муаллиф томонидан турлича ёритилиши, талқин этилиши ҳам мумкин. Бунда ҳар бир муаллиф ўз олдига қўйган ғоявийижодий вазифалар ўзига хос услуб ва мазмунни белгилайди; 3) бирор мусиқа асари ёки унинг таркибий қисмлари асосий бадиий ғоясини ифодаловчи ва кейинги ривожига хизмат қилувчи тугал мусиқа тузилмаси. Полифония асарлари (мас, канон, фуга)да М. бир овозли куй бўлиб, турли овозларда навбатма-навбат баён этилади. Гомофония асарларининг М.лари бирмунча ривож топган (одатда, 8—16 тактли) тузилмалардан иборат бўлади. Бунда куй етакчи овозда намоён бўлиб, жўр бўлувчи овозлар эса унинг мазмунини теранлаштиради. Оғзаки анъанадаги мусиқа, шунингдек, 20-аср авангардизм йўналиши (алеаторика, сонористика ва бошқа услуб) даги композиторлик ижодида оҳанг М.лари билан бирга мусика жараёнининг фақат ритмик (мас, усул) ёки тембр жиҳатларига асосланган М.лар ҳам жорий этилган. Булардан ташқари, мусиқа ижодиёти (мусиқали драма, опера, балет ва бошқалар) да муайян ғоя ва мазмунга эга бўлиб, асарнинг бошидан охиригача ўзгармай (лейтмотив, лейттема) ёки қисман ўзгариб келувчи М. ва, аксинча, тузилмаси чегараланмаган М. мисоллари мавжуд. Йирик шакл (мас, соната, симфония)лар бир неча М.ларни ўз ичига олади. Улар ҳар хил образларни ифодалаш ва таққослаб ривожлантириш учун хизмат қилади. Турли образларни ифодаловчи М.лар бош М.нинг тубдан ўзгартириш йўли орқали вужудга келиши (монотематизм) ҳам кузатилади.[1]
Манбалар
[edit | edit source]
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (август 2024) |