Равоқ
Равоқ (Арка) — тоқнинг бир тури; бино деворларидаги дераза ва эшик ўринларининг юқори қисмига қўйиладиган меҳробий ёйсимон қурилма. Равоқ йўнилган, табиий ёки сунъий тошлар, бетон, темирбетон, ёғоч ва пўлат сингари материаллардан ишланади. Равоқнинг таянч қисми товон, марказий понасимон ғишти ёки тоши эса қулф деб аталади. Равоқлар шаклига кўра: якка марказли, ярим айлана шаклли, баланд марказли тақасимон, бир неча марказли найзасимон, тухумсимон бўлади. Ҳозирги замон иншоотларида ички кучланишларни камайтириш мақсадида равоқлар 2—3 шарнирли қилиб ишланади. Устунларга тиралган бир хил ҳажм ва шаклдаги равоқлар қатори қаторак (аркада) деб номланган.
Равоқлар дастлаб Қадимги Шарқ меъморлигида вужудга келган. Қадимги Рим меъморлигида кенг тарқалган. Ўрта Осиё меъморлигида равоқнинг турли хил мумтоз намуналари яратилган. Гумбазли биноларнинг хоналари кўркам, кенг чиқиши ичкаридаги равоқларга боғлиқ бўлган. Равоқлар бино йўлаклари, дераза ва эшик тепалари ҳамда деворнинг гумбаз ости қисмида бўлган. Ички сатҳи турли шаклдаги хона деворларини равоқлар ёрдами билан доира шаклига келтирилган. Гумбаз томни баланд кўтариб ёпишда деворлар ўрнига енгил равоқлар ўрнатилган. Гумбаз устунлар ёки устига ўрнатилган устунлар ҳам бир-бирига равоқлар ёрдамида боғланган. Агар равоқнинг қаноти кенг бўлса, унинг асоси йўғон, тепаси ингичка қилиб зинали равоқ қурилган. Гумбаз ости равоқи эшик ёки йўлак тепасига ўрнатиладиган равоқ билан бир жойга тўғри келса, уни қўш равоқ дейилади. Катта гумбаз томлар устига ўрнатиладиган равоқларнинг куркам чиқиши учун кўп қатламли қилиб қурилган. Бўйи ва эни бир хил бўлган чорси хоналарнинг деворлари устига 8—12 равоқ ва катта гумбаз томларда 16 равоқ гача ўрнатилган.
Квадрат хона томонларига биттадан равоқ ўрнатилса, чортоқ деб номланган. Деворлар устига 8 равоқ ўрнатиб, улар тепасидан ўтган ҳалқа деворга яна 16 кичик равоқлар жойлаштириш мумкин.
11—17-асрлар меъморлигидаги равоқларнинг мураккаб тузилишлари ғиштларнинг ўзига хос терилиши билан боғлиқ бўлган. Ўзбекистон меъморлигидаги найзасимон равоқларнинг 100 дан ортиқ тури борлиги аниқланган. Халқусталари амалда 1, 2, 3 ва 4 марказли равоқлар қурилиш услубидан фойдаланган. Замонавий қурилишларда равоқларнинг ўзига хос тузилишлари яратилмоқда (кўприк, жамоат бинолари ва бошқалар)[1].
Манбалар
[edit | edit source]Адабиёт
[edit | edit source]- Булатов М. С. Геометрическая гармонизация в архитектуре Средней Азии ИХ-ХВ веков, М., 1978.
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |